Янгиликлар

12 Июнь 2024

“Uz-Koram Kompani” МЧЖ ва “Автоойна” МЧЖларни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси жалб қилинади

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги/Буюртмачи) “Uz-Koram Kompani” МЧЖ ва “Автоойна” МЧЖ устав капиталларидаги 100 фоиз улушларини (кейинги ўринларда – Активлар) оммавий савдолар орқали хусусийлаштиришни ташкиллаштириш учун профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб қилиш юзасидан танлов эълон қилади.

Консультантнинг асосий вазифаси активларнинг хусусийлаштириш усули ва шакли бўйича тавсия бериш ҳисобланади.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан қуйидаги Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини 2024 йил 27 июнь куни соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар тақдим этишларини сўраймиз.

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик — консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади:

Талъат Юлдашевич Самандаров — Давлат активларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ва хусусийлаштириш департаменти бошлиғининг ўринбосари;

Телефон: +998-71-259-20-67;

E-mail: tender@quallitygreen.com

Консультантларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса, Активларда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Дисклеймер

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар ўтказиш орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Танлов иштирокчилари танлов жараёни билан боғлиқ ҳолда Буюртмачи учун дастлабки тақдимотлар ва таклифларни тайёрлашнинг ягона чекланган мақсадидан ташқари, ҳеч нарсага  таяна олмайдилар ва ишонмасликлари шарт.

“Uz-Koram Kompani” МЧЖ ва “Автоойна” МЧЖларни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Кириш

Хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Uz-Koram Kompani” МЧЖ ва “Автоойна” МЧЖ устав капиталларидаги 100 фоиз улушлари (кейинги ўринларда – Битим) оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

Савдо жараёнлари Активларнинг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим. Буюртмачи тўғри қарор қабул қилиши учун Активларни мустақил баҳолаш ишларини амалга оширади.

Ушбу Таклиф тақдим этиш учун сўровнома (кейинги ўринларда ­- Сўровнома) Консультантга қўйиладиган талабларни ва унинг баҳоланиши керак бўлган таклифининг тузилишини, шунингдек, ушбу Сўровноманинг иловасида Битимни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур иш ҳажмини тавсифлайди. Консультантлар консорциумга киришлари ёки хизматларнинг тўлиқ спектрини тақдим этиш бўйича қўшма таклифлар киритишлари мумкин.

Консультант тавсиясига кўра активлар аукцион ёки танлов савдолари орқали хусусийлаштирилганда савдонинг муваффақияти учун тўлов (“success fee”) тўланмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига мувофиқ:

  • жамият иштирокчиларидан бирортаси томонидан сотилаётган улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олишда жамият иштирокчилари учинчи шахслар олдида имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиши;
  • агар жамиятнинг бошқа иштирокчилари жамиятнинг иштирокчиси томонидан сотилаётган улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олишда ўзининг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, жамият мазкур улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлиши қайд этилган.

Агар жамиятнинг иштирокчилари ёки жамият улушни сотиб олиш бўйича ўзларининг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланса, консультант хизматлари юридик жиҳатдан ҳамкорлик қилиш, шу жумладан олди-сотди шартномаси лойиҳасини тайёрлаш билан чекланади.

Активлар тўғрисида қисқача маълумот

Uz-Koram KompaniМЧЖ - 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти автомобиллар учун олд ва орқа бампер ишлаб чиқаришдан иборат. Жамиятнинг ишлаб чиқариш ҳажми йилига 230 мингдан ортиқ маҳсулотларни ташкил этади.

  • Устав фонди: 10,3 млрд сўм;
  • Жамиятнинг расмий веб-сайти: https://uzkoram.uz
  • СТИР: 200 908 912

АвтоойнаМЧЖ - 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, аосий фаолияти ҳар қандай марка моделдаги автомобиллар учун автоойна ишлаб чиқаришдан иборат. Жамият томонидан 150 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 420 мингдан ортиқ маҳсулотларни ташкил этади. Бунда дунёга машхур компаниялар– Bystronic Glass (Швецария), Cugher Glass, Ctriulzi, Mario Argiro, Kera Glass (Италия), Glassrobots, Pilkington (Финландия) ва Vetrotool (Испания) компанияларининг замонавий технологияларидан фойдаланилади. 

  • Устав фонди: 35,1 млрд сўм;
  • Жамиятнинг расмий веб-сайти: https://avtooyna.uz
  • СТИР: 202 678 977

Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар

Консультантнинг (индивидуал аризачи ёки Консорциум) таклифи рус/инглиз тилида тайёрланиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

а) Активларни хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараёнининг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

б) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (50 баллгача):

  • Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши лозим;
  • Таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Буюртмачи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;
    Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;

в) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (20 баллгача);

г) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган Битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси (20 баллгача);

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми 

I. Автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бозорини таҳлил қилиш:

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар;
  • бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активларнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар;

II. Активларни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар:

  • Активларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
  • Активларнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;
  • маркетинг материалларини тайёрлаш, шу жумладан инвестиция видеолари, тарқатма материаллар ва бошқалар;
  • жамоатчилик билан алоқа ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;
  • баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсияларни тақдим этиш;
  • инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;
  • лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

III. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

  • Активларни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;
  • салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;
  • барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;
  • Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

(1) Агар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчи (одатда консорциум раҳбари деб аталди) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.

(2) Агар консультантларнинг таклифлари Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талабларнинг "а","в" ва "г" бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб 30 баллдан кам баҳоланса, "б" бандида назарда тутилган баҳолаш балли қўлланилмайди.

 

1270 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текстPowered by GSpeech

Саҳифадаги хатолар бўйича манзил:

Матн хато билан:

Сизнинг изохингиз ёки тўғри версия:

Close menu