Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, 1001 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1046 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши барча фуқаролар ва инвесторларга қатнашиш имконияти тақдим этиш мақсадида “битта акция – битта лот” тамойили асосида “Халқ IPO”си орқали таклиф этилиши белгиланган.
Ҳудудларда мазкур қарор мазмун-моҳиятини тушинтириш ва тарғибот қилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 28 июль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Хоразм вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.
Ушбу тадбирда 200 нафардан зиёд маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари, тадбиркор ва инвесторлар иштирок этди.
“Roadshow” тақдимоти Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шухрат Рахимов ҳамда вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Муроджон Ачилов бошчилигида бўлиб ўтди.
“Roadshow” иштирокчиларига Давактив агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил давомида хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ жами 83 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, шундан 36 та давлат активлари 36,9 млрд. сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, 2022 йил давомида тадбиркорлар ва фуқаролар учун 4933 та 303,1 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 998 та 30,5 гектар ер участкалари 17,5 млрд.сўмга сотилишига эришилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, оммавий савдоларда сотилиши белгиланган Хоразм вилоятидаги жами 80 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг активлари, шундан 51 та кўчмас мулк объектлари яқиндан таништирилди.
Бундан ташқари, тадбир қатнашчиларига аввалдан доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди.
Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга “E-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича “мастер-класс” ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган “Roadshow” давомида Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари тадбир қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар бериб ўтдилар.
Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари учун Пресс-тур ҳам ташкил этилиб, давлат активларини сотиб олган тадбиркорлар томонидан ушбу объектлар негизида бажарилган ишлар, шунингдек сотувга чиқарилган давлат активлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Мазкур тадбир кейинги ўринларда Хоразм вилоятининг барча туман ва шаҳарларида давом этади.
Шунингдек, шу каби тадбирлар бугунги кунга қадар Фарғона, Андижон, Наманган, Навоий, Қашқадарё ҳамда Бухоро вилоятларида ўтказилди ҳамда яқин кунларда республикамизнинг қолган барча вилоятларида, Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиши режалаштирилган.