Жорий йилнинг 13 сентябрь санасида Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) ҳамда Халқаро молия корпорацияси (IFC) вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтти.
Учрашув аввалида Давактив агентлиги директори Акмалхон Ортиков Халқаро молия корпорацияси билан самарали ҳамкорлик изчил ривожланаётгани ва стратегик шериклик мустаҳкамланиб бораётганини, қолаверса, 2022 йил 2 февраль санасида мамлакатимизда амалга оширилаётган хусусийлаштириш жараёнларига кўмаклашиш ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этиш юзасидан Халқаро молия корпорацияси ва Давактив агентлиги ўртасида имзоланган келишув, ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиққани эътироф этилди.
Ўз навбатида, Халқаро молия корпорациясининг Туркия ва Ўрта Осиё бўйича директори Вибке Шлёмер томонидан сўнги йилларда Давактив агентлиги ва Халқаро молия корпорацияси ҳамкорлиги чиндан сезиларли даражада ривожланганлиги ҳамда лойиҳалар кўлами кундан кун ортиб бораётганлиги мамнуният билан таъкидланди.
Шу ўринда, томонлар тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ Халқаро молия корпорацияси маслаҳатчи сифатида иштирок этаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолатлари, келгуси режалари ҳамда уларни жадаллаштириш механизмлари вa қўшма ҳаракатларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида, томонлар янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, бунда, Халқаро молия корпорацияси томонидан хорижий инвесторларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган хусусийлаштириш дастурига кенг жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ишларини жадаллаштиришга келишиб олинди.