Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, 1001 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1046 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши барча фуқаролар ва инвесторларга қатнашиш имконияти тақдим этиш мақсадида "битта акция-битта лот" тамойили асосида "Халқ IPО" орқали таклиф этилиши белгиланган.
Ҳудудларда мазкур қарор мазмун-моҳиятини тушинтириш ва тарғибот қилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 23 август куни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Тошкент вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги «Roadshow» тақдимоти ўтказилди.
Ушбу тадбирда 200 нафардан зиёд маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари, тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этди.
“Roadshow” тақдимоти Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Сардор Жумаев ҳамда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигида бўлиб ўтди.
“Roadshow” иштирокчиларига Давактив агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ жами 104 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, шундан 28 та давлат активлари 94,8 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, 2023 йил давомида тадбиркорлар ва фуқаролар учун 6 815 та 424,5 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 1597 та 203,0 гектар ер участкалари 49,1 млрд.сўмга сотилишига эришилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, оммавий савдоларда сотилиши белгиланган Тошкент вилоятидаги жами 193 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг активлари, шундан 91 та кўчмас мулк объектлари яқиндан таништирилди.
Бундан ташқари, аввалдан доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириб олган фуқароларга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерлари топширилди ҳамда музкур жараён тартиби бўйича тадбир қатнашчиларига тушунтиришлар берилди.
Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга «E-auksion» электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича "мастер-класс" ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган «Roadshow» давомида Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга жавоблар бериб ўтдилар.
Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари учун Пресс-тур ҳам ташкил этилиб, давлат активларини сотиб олган тадбиркорлар томонидан ушбу объектлар негизида бажарилган ишлар, шунингдек сотувга чиқарилган давлат активлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Мазкур тадбир кейинги ўринларда Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида давом этади.
Шунингдек, шу каби тадбирлар бугунги кунга қадар республикамизнинг барча вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилди.