Туркия Республикаси Анқара шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми” доирасида, жорий йил 6 июнь куни “Хусусийлаштириш – иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи ва бизнес учун имкониятлар” мавзусида панел сессия ўтказилди.
Сессияда Давактив агентлиги директори Акмалхон Ортиков тақдимот билан иштирок этиб, турк компанияларига ва ишбилармон соҳа вакилларига Ўзбекистонда хусусийлаштириш соҳасида эришилган натижалар, келгусидаги истиқболли режалар, жумладан, янги хусусийлаштириш дастури доирасида оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари ҳамда савдо жараёнларида иштирок этиш тартиблари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинганлиги ҳамда мазкур норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун бир қатор имконият ва енгилликларни яратиб берганлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, тақдимот давомида мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар юзасидан тушунтириш берилиб, бизнес вакилларини Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида фаол қатнашишга таклиф этилди. Ўз ўрнида, хусусийлаштириладиган йирик давлат активлари, шунингдек, Туркиянинг тўқимачилик соҳасидаги тадбиркорларига ишлаб чиқариш заводларини кўчириши ва релокация қилиши мумкин бўлган, майдони 300 кв.метрдан 90 минг кв.метргача бўлган ҳамда барча тегишли инфратузилмаси мавжуд объектларнинг инвестиция тизерлари тарқатилди.
Тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар берилди.