Янгиликлар

13 Март 2020

Наманган шаҳрида тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашув ўтказилди

Жорий йилнинг 12-13 март кунлари Давактив агентлиги директорининг ўринбосари Алишер Миралиев Наманган шаҳрига ташриф буюриб, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Хусусан, 12 март куни Давактив агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси мажлислар залида Алишер Миралиев ва Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев, шу билан бирга вилоятдаги масъул ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида тадбиркор ва инвесторлар билан семинар тарзида учрашув тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирда 100 нафардан зиёд тадбиркор ва инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари иштирок этди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган учрашув давомида, тадбиркорлик субъектлари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар бериб ўтилди. Хусусан, давлат активларини, шу жумладан йирик корхоналардаги давлат улушларини, самарасиз ишлаётган давлат мулки объектларини, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер участкаларини сотиш ҳамда ижарага бериш тартиблари ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, ҳудудларда майдони 2 000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкаларини онлайн-буюртманома асосида тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида” Қонуни (ЎРҚ–907-сон) қабул қилинганлиги ҳамда унинг мазмун моҳияти батафсил тушунтирилди.

 

Шу билан бирга, 13 март куни А.Миралиев тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан биргаликда Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат зонасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Мазкур тадбирда 50 нафардан зиёд тадбиркор ва инвесторлар иштирок этди.

Ушбу учрашувга ташриф буюрган тадбиркорларга давлат активларини, самарасиз ишлаётган давлат мулки объектларини, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер участкаларини ва бошқа давлат активларини сотиб олиш ҳамда ижарага олиш тартиблари ҳақида тушунчалар берилди.

Бу каби жойларга чиқиш асосида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказиш вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом эттирилмоқда ва соҳага оид муаммоли масалаларга ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатилиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўриб борилмоқда.

252 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текстPowered by GSpeech

Саҳифадаги хатолар бўйича манзил:

Матн хато билан:

Сизнинг изохингиз ёки тўғри версия:

Close menu