Жорий йилнинг 2 февраль куни "PricewaterhouseCoopers" (PwC) халқаро консалтинг компанияси томонидан Давактив агентлиги ходимлари учун "PwC" компаниясининг Ўзбекистондаги директори Сергей Лузан ва "PwC" компаниясининг Ўзбекистондаги маслаҳат хизматлари бўйича директори Ермек Жакеев иштирокида "Инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш" мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбирни Давактив агентлиги директори ўринбосари Бекзод Усмонов очиб берди.
Маълумот учун: PwC – аудит, солиқ ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи халқаро компаниялар тармоғи ҳисобланади.
Мазкур семинар "Катта тўртлик" (Big 4) туркумига кирувчи халқаро аудит ва консалтинг компаниялари томонидан Давактив агентлиги ходимларини малакасини ошириш дастурлари доирасида ташкил этилган. Бундан аввал шу каби семинарлар "KPMG" ва "Deloitte" халқаро консалтинг компаниялари томонидан ҳам ўтказилган эди.
Тадбирда инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришнинг амалий масалалари, корхоналарнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича илғор тажрибалар, ҳамда мазкур воситаларни Давактив агентлиги фаолиятига самарали татбиқ этиш имкониятларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда компаниялар томонидан давлат активларини жорий этиш ва самарадорлигини ошириш бўйича ишлар олиб борилаётганини инобатга олиниб, мазкур масала бўйича халқаро тажриба алмашиш мақсадида Давактив агентлиги ходимлари билан интерактив мулоқот ўтказилди.
Семинар доирасида PwC экспертлари семинар иштирокчилари билан инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш ёндашувларини, инвесторлар, кредиторлар ва давлат ташкилотлари томонидан инвестиция жозибадорлигини ошириш тартибини ҳам муҳокама қилдилар.
Иштирокчилар Ўзбекистонда инвестициялар, хусусийлаштириш, давлат-хусусий шериклик соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар учун семинарнинг самарадорлигини таъкидладилар.