Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги “Уз-Донгжу Пэинт Компани” МЧЖ ҚК (кейинги ўринларда - Корхона) устав капиталидаги 50,0 фоиз давлат улушини профессионал консультантни жалб этган ҳолда музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш йўли билан ташкиллаштирилган хусусийлаштириш натижалари бўйича 24 млрд.сўм сотиб олиш тўлови, 5 млн.АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда янги 200 та иш ўринлари яратиш шартлари билан “COMFORT ENGINEERING GROUP” МЧЖ (кейинги ўринларда - Харидор) савдо ғолиби деб топилганлигини маълум қилади.
Ушбу жараёнга Resolut ва Dentons халқаро компаниялари (кейинги ўринларда – Консультант) хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган.
Консультант томонидан хусусийлаштириш жараёни доирасида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга (investor sounding) юборилди.
Натижада инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги 8 та аризалар (Express of Interest) келиб тушди.
Талабгорлар тўловга қобилиятлилик, хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги ҳамда Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги юзасидан ўрганилган.
Талабгорларнинг 4 таси хусусийлаштириш жараёнининг кейинги босқичи – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичига ўтди.
Ушбу босқичда талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Консультант томонидан тайёрланган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари жойланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилди. Шу билан бирга, барча талабгорларга Корхонанинг бошқарув органи билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда Корхона билан танишиш имконияти яратилди.
Қайд этиш жоизки, келажакда Корхона фаолиятини барқарор ривожланишини таъминлай оладиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ давомийлигини шакллантиришга салоҳиятли бўлган “COMFORT ENGINEERING GROUP” МЧЖ келиб тушган таклифлар орасида энг юқори нарх таклифини билдирган ҳамда қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган.
Шу билан бирга, Харидорнинг таклифи консультант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.
Бундан ташқари, Харидор Корхонанинг фаолият турини сақлаб қолиш билан бир қаторда, у томонидан маҳаллий автомобил саноати учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни "General Motors" стандартларига ҳамда "OEM" талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича "Ўзавтосаноат" АЖ билан яқин ҳамкорликда фаолиятини давом эттириш мажбуриятини олган.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Маълумот учун: “COMFORT ENGINEERING GROUP” МЧЖ – 2009 йилда ташкил топилган бўлиб, автомобил саноати учун эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ва ёрдамчи деталлар ишлаб чиқариш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган корхона.