Янгиликлар

07 Июль 2023

Давактив агентлиги вакиллари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда капитал бозори: таваккалчилик ва имкониятлар” конференциясида иштирок этишди

Жорий йил 4 июль куни "Курсив" мунозара платформаси томонидан бозор истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида “Ўзбекистонда капитал бозори: таваккалчилик ва имкониятлар” конференцияси ташкил қилинди. Мазкур тадбирда давлат идоралари, халқаро консалтинг компаниялари, брокерлик компаниялари, банклар вакиллари ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этишди.

Биринчи панель муҳокамасида Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш йўлларидан бири сифатида "Халқ IPO"си мавзуси муҳокама қилинди. Мазкур муҳокамада Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев ўз маърузаси билан иштирок этди.

Ўз нутқида А.Миралиев давлат иштирокидаги корхоналарнинг акциялари билан "Халқ IPO"сини ўтказишдан асосий мақсад ушбу жараёнларга иложи борича аҳолининг кенг қатламини жалб қилиш, аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратиш, уларда мулкдорлик ҳиссини уйғотиш ҳамда йирик корхоналарнинг фаолияти очиқлиги ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.

Шу ўринда, “битта акция - битта лот” тамойили асосида "Халқ IPO"сини ўтказиш таклиф этилаётган корхоналар уларнинг даромадлилиги, ўзига хос тарихга эга эканлиги, аҳолида уларнинг фаолияти тўғрисида тушунча борлиги ҳамда халқаро рейтинг эга бўлиш ва халқаро фонд биржаларига чиқиш бўйича режаларига қараб танлаб олинганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, "Халқ IPO"сини ўтказиш орқали фонд бозорида қимматли қоғозлар савдоси айланмасини ривожлантириш ҳам асосий мақсадлардан бири ҳисобланиши эслатиб ўтилди.

Даромади бошқа хар қандай ташкилотларга нисбатан кўп бўлган ва мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бу каби йирик компанияларнинг акцияларига "Халқ IPO"си учун буюртмалар соддалаштирилган тартибда “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали шакллантирилиши, шунингдек “E-auksion” платформасидан фойдаланиш қулайликлари ва афзалликлари билан конференция иштирокчилари таъништирилди.

Ўз ўрнида, Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров биринчи панель муҳокамасининг савол-жавоб қисмида сўз олиб, икки Агентлик яқин хамкорлигида барча мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда "Халқ IPO"си муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди.

Маълумот учун: Курсив — Марказий Осиё бизнес кун тартиби эксперти. Медианинг Ўзбекистон ва Қозоғистонда ваколатхоналари мавжуд бўлиб, таҳририят минтақа мамлакатларидаги макроиқтисодиёт ва бизнес ҳақида ёзади.

 

1539 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текстPowered by GSpeech

Саҳифадаги хатолар бўйича манзил:

Матн хато билан:

Сизнинг изохингиз ёки тўғри версия:

Close menu