Янгиликлар

13 Июнь 2024

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси жалб қилинади

Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги/Буюртмачи) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ “Миллий банклараро процессинг марказиАЖ (HUMO)нинг устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – Актив) оммавий савдолар орқали хусусийлаштиришни ташкиллаштириш учун профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълон қилади.

Консультантлар активнинг тармоқ ҳамда индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда соҳадаги институционал инвесторларни активни сотиб олишга бўлган қизиқишларини ўрганиш асосида хусусийлаштириш усули ва шартларини ишлаб чиқишлари лозим.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини 2024 йил 26 июнь куни соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар tender@quallitygreen.com электрон почтасига тақдим этишларини сўраймиз.

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик – консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ–381 сон қарорига асосан «Миллий банклараро процессинг маркази» МЧЖ акциядорлик жамиятига айлантирилиши муносабати билан, жамиятнинг акциялар чиқарилуви 2024 йил 21 май куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Жамият томонидан номинал қиймати 1000 сўм ва умумий қиймати 155,4 млрд. сўм бўлган 155 448 748 дона оддий акциялар чиқарилиб, 100 фоиз Давактив агентлигига жойлаштирилди.

Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:

Талъат Юлдашевич Самандаров – Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи

Телефон: +998-71-259-20-67;

E-mail: tender@quallitygreen.com

Дисклеймер

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Танлов иштирокчилари танлов жараёни билан боғлиқ ҳолда Буюртмачи учун дастлабки тақдимотлар ва таклифларни тайёрлашнинг ягона чекланган мақсадидан ташқари, ҳеч нарсага таянолмайдилар ва ишонмасликлари шарт.

“Миллий банклараро процессинг марказиАЖни хусусийлаштириш бўйича консультантни жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПҚ-162-сон қарорига мувофиқ, “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг 100 фоиз улуши (кейинги ўринларда – Битим) хусусийлаштирилиши белгиланган.

Сотиш жараёнлари “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим.

Буюртмачи тўғри қарор қабул қилиши учун Активни мустақил баҳолаш ишларини амалга оширади.

Ушбу Таклиф тақдим этиш учун сўровнома (кейинги ўринларда – Сўровнома) Консультантга қўйиладиган талабларни ва унинг баҳоланиши керак бўлган таклифининг тузилишини, шунингдек, ушбу Сўровноманинг иловасида Битимни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур иш ҳажмини тавсифлайди. Консультантлар консорциумга киришлари ёки хизматларнинг тўлиқ спектрини тақдим этиш бўйича қўшма таклифлар киритишлари мумкин.

Актив тўғрисида қисқача маълумот

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖбанк тўлов карталарига асосланган Humo тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.

Ўзбекистон бўйлаб 200 мингдан ортиқ терминналлар ўрнатилган бўлиб, 23 миллиондан ортиқ банк карталари мавжуд.

Процессинг маркази Tieto компаниясининг дастурий таъминотини ишлатади. Бу компания тўлов карталарини чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширади.

Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар

Консультантнинг (индивидуал аризачи ёки Консорциум) таклифи ўзбек/рус/инглиз тилида тайёрланиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

а) Активни хусусийлаштириш шартлари ва жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

б) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (50 баллгача):

  • Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши лозим;
  • Таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Буюртмачи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;
    Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;

в) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар хорижий шу жумладан МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (20 баллгача);

г) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган Битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси (20 баллгача);

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми

I. Тўлов тизими, соҳадаги инвесторларнинг қизиқишини ўрганиш ва бошқа тегишли хизматлар бозорини таҳлил қилиш:

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар;
  • соҳадаги институтционал инвесторларнинг активни сотиб олишга бўлган қизиқишини ўрганиш асосида сотиш шакли, усули ва шартларини ишлаб чиқиш;
  • бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар;
  • амалга оширилган таҳлиллар асосида активнинг хусусийлаштириш жараёнларини муваффақиятли ташкиллаштириш учун лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

II. Активни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар:

  • Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
  • Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён хати (Process letter) ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш орқали мулоқот ўрнатиш;
  • маркетинг материалларини тайёрлаш, шу жумладан инвестиция видеолари, тарқатма материаллар ва бошқалар;
  • жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектлари билан алоқа ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;
  • баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсияларни тақдим этиш;
  • инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;
  • лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

III. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

  • Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;
  • барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;
  • Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

(1) Агар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчи (одатда консорциум раҳбари деб аталади) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.

(2) Агар консультантларнинг таклифлари “а”, “в” ва “г” бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб 30 баллдан кам баҳоланса, “б” бандида назарда тутилган баҳолаш балли қўлланилмайди.

1282 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текстPowered by GSpeech

Саҳифадаги хатолар бўйича манзил:

Матн хато билан:

Сизнинг изохингиз ёки тўғри версия:

Close menu