Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимида декабр ойи “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинган эди. Ушбу ойда Агентлик томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди
Шу жумладан, ёш авлод онгида коррупция ҳақида дастлабки тушунчаларни ҳосил қилиш, уларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш иммунитетини шакллантириш, ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллигини янада юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда жамиятни коррупция иллатларидан халос қилиш мақсадида, Агентлик тизими ходимларининг фарзандлари ўртасида “Мен коррупцияга қаршиман. Коррупция кўринишлари ва унинг салбий оқибатлари” мавзусида расмлар танлови ўтказилди.
Танлов натижалари:
1-ўрин:
Пўлатова Афруза Акобировна (Бухоро вилояти);
2-ўрин:
Қурбонов Отабек Анварович (Сурхондарё вилояти);
Олтибоев Муҳаммадали Иззатиллаевич (Андижон вилояти);
3-ўрин:
Тўлқинов Азизбек Эркин ўғли (Тошкент шаҳри);
Муҳаммаджонов Алиакбар Миралиевич (Бухоро вилояти);
Рустамов Беҳзодбек Дилшод ўғли (Тошкент шаҳри).
"Катта тўртлик" (Big 4) халқаро консалтинг компаниялари томонидан Давактив агентлигида малака ошириш дастурлари ўтказилмоқда
Жорий йилнинг 7 декабрь куни Давактив агентлиги ҳамда "Deloitte" халқаро консалтинг компанияси томонидан Агентлик ходимлари учун "Deloitte" компаниясининг консалтинг бўйича директори Рустам Мухаметшин иштирокида "Корпоратив бошқарув" ва "Комплаенс" мавзуларида семинар ташкил этилди.
Мазкур семинар "Катта тўртлик" (Big 4) туркумига кирувчи халқаро аудит ва консалтинг компаниялари томонидан Давактив агентлиги ходимларини малакасини ошириш дастурлари доирасида ташкил этилган. Бундан аввал шу каби семинарлар "KPMG" халқаро консалтинг компанияси томонидан ҳам ўтказилган эди.
Маълумот учун: Deloitte – аудит, солиқ ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи халқаро компаниялар тармоғи ҳисобланади.
Тадбир давомида Агентлик фаолияти мисолида самарали корпоратив бошқарувни шакллантиришнинг амалий масалаларига, шунингдек, комплаенс функциясини амалга оширишнинг илғор тажрибаларига эътибор қаратилди.
Хорижий компаниялар тажрибасидан келиб чиқиб, Директорлар кенгаши, қўмиталар ва бошқарув органларининг ўзаро ҳамкорлиги тамойиллари ва тартиблари, шунингдек, корпоратив бошқарув етуклик даражасини оширишнинг амалий зарурати ўрганилди.
Семинарда Ўзбекистон компаниялари томонидан комплаенс функциясини амалга ошириш устида иш олиб борилаётгани инобатга олиниб, мазкур масала бўйича халқаро тажриба алмашиш мақсадида Агентлик ходимлари билан интерактив мулоқот ўтказилди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда корпоратив бошқарув ва қонун ҳужжатларига риоя этиш соҳасида қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича келгусида олиб борилаётган ишлар учун семинарнинг самарадорлигини таъкидладилар.
Коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Давактив агентлиги директори ўринбосари Қ.Ҳакимов иштирокидаги брифинг
Брифинг матни
Барчамизга маълумки, республикамизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Буни мамлакатимизда сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида кўришимиз мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган таркибий тузилма жорий этилган бўлиб, ушбу фаолиятни такомиллаштириш учун муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ҳамда коррупция иллатларини олдини олиш ва профилактика қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган давр мобайнида Агентликда коррупцияга қарши курашиш йўналишда қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Жумладан, Агентликда коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001 халқаро стандарти жорий қилиниб, унга тегишли "Коррупцияга қарши бошқарув тизими" сертификатини қўлга киритилди.
Шуни таъкидлашимиз зарурки, ISO 37001 бу ташкилотда коррупцияга қарши самарали тизимни яратиш учун халқаро моделни ўз ичига олган дунёдаги биринчи халқаро стандарт ҳисобланади.
Ушбу стандартнинг сертификатини олиш орқали ташкилот инвесторлар, тадбиркорлар, давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа манфаатдор томонларга бизнес жараёнларини шаффоф, қонуний ва жаҳоннинг илғор тажрибаларига мувофиқ равишда ўтказиш қобилиятини юқори даражада намойиш этиши мумкин.
Агентлик мазкур стандартнинг талабларини тадбиқ этиш доирасида, ўз тизимида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унинг асосида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди ва бунинг натижасида Агентлик тизимида коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар қонуний тартибга солинди.
Жумладан, Агентлик буйруғи билан:
- Коррупцияга қарши курашиш сиёсати;
- Агентлик тизими ходимларининг “Одоб-аҳлоқ қоидалари”;
- “манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида”ги Низом;
- “Агентлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом;
- “Ахборот хавфсизлиги сиёсати”;
- Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича мажбуриятлар;
- Агентлик тизимида бўш иш ўринларига ходимларни қабул қилишда шаффофликни таъминлаш, уларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларни ротация қилиш, рағбатлантириш тизими жорий этилди.
Бундан ташқари, Агентликда коррупция тўғрисида хабар бериш янги алоқа каналлари жорий этилди.
Хусусан, Агентликнинг Ишонч телефони, Ички назорат ва комплаенс хизмати электрон почта манзили, Агентликнинг расмий веб-сайтидаги сўровномалар ўтказиш саҳифаси яратилди ҳамда коррупция ҳолатлари ва Агентлик ходимларнинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатларни қабул қилиш учун тегишли Telegram-бот ишга туширилди.
Ўз навбатида, Агентлик тизимида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида иш самарадорлигини ошириш мақсадида Агентликнинг барча ҳудудий бошқармаларида ва идоравий мансуб ташкилотларида Ички назорат ва комплаенс хизмати бўлинмалари ташкил этилди.
Юқоридагиларга қўшимча қилиб, Агентлик марказий аппаратида коррупциявий хавф-хатар юқори деб топилган бошқарма ва бўлим ходимлари учун коррупцияга қарши кескин кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида, уларга тегишли тушунчалар бериш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001 халқаро стандарти доирасида ўқув курсларини ташкил қилиш натижасида Агентлик ходимлари тегишли сертификатларга эга бўлишди.
Шунингдек, Агентликнинг хусусийлаштириш, корпоратив бошқариш, баҳолаш, банкротлик, давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инсон омилини қисқартириш бўйча ишларни амалга ошириш мақсадида “2022-2023 йилларда Агентлик тизимидаги замонавий IT технологияларини янада такомиллаштириш ва инсон омили юқори бўлган йўналишларни рақамлаштириш бўйича “Йўл харита”си қабул қилиниб уни амалда тадбиқ қилиш бугунги кунда асосий кўзда тутилган мақсадлардан биридир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 81-сон қарори билан давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган.
Ўз навбатида, Давактив агентлигининг коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича иш фаолияти самарадорлиги рейтинги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “қониқарли” натижа билан баҳоланди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, келгусида Агентлик коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича муросасиз курашишни мақсад қилиб қўйган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги вазирлик ва идоралар ўртасида иккинчи бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ISO 37001:2016 стандарти сертификатини қўлга киритди
ISO 37001:2016 - бу ташкилотда коррупцияга қарши самарали тизимни яратиш учун халқаро моделни ўз ичига олган дунёдаги биринчи халқаро стандарт ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, ISO 37001:2016 сертификатини олиш орқали ташкилот инвесторлар, тадбиркорлар, давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор томонларга жараёнларни шаффоф, қонуний ва жаҳоннинг илғор тажрибаларига мос равишда ўтказишни юқори даражада намойиш этиши мумкин.
Агентлик фаолиятини тизимли равишда таҳлил қилиш нафақат коррупцион хатарларга мойил бўлган соҳалар ва йўналишларни аниқлашга, балки ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида олдини олиш бўйича самарали чораларни кўришга имкон яратди. Агентлик тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Шунингдек амалдаги ҳужжатлар ушбу халқаро стандартга мувофиқлаштирилди.
Мисол учун, Агентлик томонидан кўрсатиладиган хизматларини рақамлаштириш орқали юқори ва ўрта даражадаги коррупцион хатарлар билан боғлиқ инсон омили кескин қисқарди, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Агентлик ходимлари фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг асослари яратилди. Бундан ташқари, давлат харидлари соҳасида контрагентларни тешкириш амалиёти жорий этилди ва тузилган шартномаларга коррупцияга қарши шартларни мажбурий киритиш белгиланди. Агентлик марказий аппарати, таркибий тузилмаларида ҳам кадрлар баҳолаш тизимининг шаффофлиги оширилди, бу эса адолат, ҳалоллик ва холисликни таъминлаш, маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчиликка йўл қўймасликни кафолатлайди.Коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омили бу фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигидир. Шу боис, тизимда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш ва аниқланган ҳолатларни бартараф этишнинг ташкилий асослари мустаҳкамланди. Бугунги кунда (71) 259-21-37 ишонч телефони, мурожаатлар бўйича https://murojaat.quallitygreen.com/ сайти, @davaktivuz_bot ва 1082 ягона call маркази, шунингдек, коррупция ҳолатлари бўйича мурожаат учун махсус @csdavaktiv_bot (71) 259-21-22 телефон рақами ишлаб турибди. Жумладан, агентликка 2020 йил 1 декабрь кунига қадар барча масалалар юзасидан жами 1804 та мурожаат келиб тушган.
Агентлик хусусийлаштириш жараёнларини оммавий савдолар орқали, инсон омилининг аралашувисиз, очиқ ва шаффоф ташкил этиб келмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали 22857 та мулк реализация қилинди. Ушбу аукцион савдоларида 98 958 нафар иштирокчи қатнашди.
Бундан ташқари, Агентлик биринчи бўлиб, Cert International сертификатлаштириш органининг давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларда бошқарув тизимда талаб қилинадиган ISO 55001:2014 стандартларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатига ҳам эга бўлди. ISO 55001:2014 стандарти активларни бошқариш тартибини белгилайди. Ушбу халқаро тан олинган норматив ҳужжат фаолиятнинг бошқа жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда активларни бошқариш тартибининг самарадорлигини кўзда тутади. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.