ШУКРОНАЛИК
Инсон – мулки борлиқнинг гултожи, энг олий фазилатлар соҳиби саналади. Шукроналик эса ана шу сафдаги сара сифатлар сирасига киради.
Мавзуимиз шукроналик ҳисси ёки у инсоннинг ботини ва зоҳирида қай йўсин намоён бўлиши ҳақида.
Уйқу – табиий ҳодиса. Эртанги кун учун қувват тўплаш омилларидан бири. Шунинг учун ҳам ухлаш айб эмас, шарт. Фақат ғафлатга ботиб қолмаслик лозим. Эл-юрт, оила ташвиши зиммасида бўлган одам эса сергак ётади. Ҳар қандай вазиятда ғафлатда қолмайди.
Чўлли чўпоннинг қулоғига ер остидан гулдираган товуш эшитилди. Ёстиғини суриб қулоғини яна ҳам ерга яқинроқ тутди. Сўнг сапчиб ўрнидан турди-да, хотини ва болаларини уйғотди. Вақт ғанимат, фақат энг зарур нарсаларни олиб, оиласини қирнинг баланд жойидаги тепаликка, хавфсиз жойга кўчирди. Адашмаган экан, ҳадемай тоғ томондан ўйноқилаб келаётган сел унинг турар жойини таг-туги билан ювиб кетди.
Ёрдамга келган қўни-қўшни ажиб бир манзаранинг гувоҳи бўлишди. Чўлли чўпон бир чеккада чўккалаб олиб, маъюс нигоҳларини бир нуқтага тикканча нуқул: “Шукур... минг қатла шукур... яратганга шукур!” - дея деярли битта сўзни такрорлаб турарди. “Эси оғиб қопти чамаси”... Ахийри бир кишининг сабри чидамади: “Эй, биродар эсингни йиғиштириб ол, ахир шундоққина кўз ўнгингда бутун бошли мол-мулкинг сувда оқиб кетяпти-ку, нимасига шукур дейсан?”
Куйинчаклик қилаётган кишининг оҳанги зардали эди. Чўлли чўпон бошини кўтариб, маъноли нигоҳини унга қаратди.
– Мен сувда оққан молимга эмас, сақланиб қолган жонимга шукур қиляпман. – у оила аъзолари турган томонга бир қараб олди-да, – бадтар бўлиши ҳам мумкин эди-ку, – деб қўшиб қўйди. Сўнг, тетиклашиб ўрнидан бардам турди ва: “Жон омон бўлса мол топилади, биродар” деди ишонч билан.
***********
Яна бир ҳаётий воқеа...
Ўғил ишга кетар олдидан онасини зиёрат қилар, ҳол-аҳвол сўрашган бўлиб, ҳузурига бирров кириб чиқарди.
– Шукур, болам, шукур! – фарзандининг саволларига онанинг жавоби шу эди.
Бошқа пайтлари кўзлари хира тортиб қолган кампир келиннинг қарамоғида қоларди. Ўғил аҳён-аҳён хотини онасининг иссиқ-совуғидан хабар оляптими-йўқми суриштириб турарди албатта.
– Онангизни уззу-кун жағи тинмайди-ку, кўрганлар кўздан қисса ҳам иштаҳани икки ҳисса қилиб берибди, дейишяпти. Биз бир рўзғор, онангизни ўзи бир рўзғор...
Хотинининг жавобидан қониқарди. Сабаби онасини йўқлаб қачон кирган бўлса, у ниманидир кавш қайтариб турган бўларди.
Бир куни сир очилди. Тўғрироғи кампирнинг кўзлари равшан тортди. Соғлиги ҳам тетиклашди. Хушхабар зумда теварак-атрофга тарқади. Келиб кампирни кўрувчилар, бу ҳолнинг тагига етишни истовчилар сони кўпайди. “Умид йўқ” деб якуний хулоса берган шифокор ҳам келиб кўрди уни. Сўраб-суриштириб, сирнинг тагига етди. Маълум бўлишича онахон бир йилдан бери фақат туршак билан озиқланиб келар, оғзи ҳамиша қимирлаб, нимадир чайнаётгандек тассоввур уйғотгани ҳам шундан экан. Тишсиз оғизда бир туршакни эритиб олиш учун қанча вақт, қанча ҳаракат зарурлигини кўз ўнгингизга келтиринг. Кампир оила шаъни, ўғлининг обрўи, набираларининг тинчини ўйлаб бу ҳақда ҳеч кимга миқ этмай келаркан.
Хуллас, келиннинг одамлар олдида изза, эрининг олдида ишончсиз бўлгани қолди. Кампир эса тузалиб кетди. Туршак бир баҳона, унга малҳам бўлган нарса кўнглидаги шукроналик ҳисси эди аслида.
Ҳақиқатнинг йўли олис ва машаққатли. Қайси мавзу бўлмасин, тагига етмай туриб у ҳақда сўз очмаган маъқул. Масалан ош пичоқнинг ўткир тиғли буюм эканини биламиз, бироқ бу бор-йўғи тассаввур, ҳақиқат эмас. Ҳатто, уни ушлаб, тиғига бармоғимиз билан тегиб кўришимиз ҳам ҳали тўла таассурот бермайди. Фақат қаттиқ бир жисмни кесиб кўрибгина тўла ишонч ҳосил қилишимиз мумкин бўлади.
*****************
Нажмиддин Кубро ҳазратларидан олинган мазкур сарлавҳа билан бошланадиган эндиги ҳикоямиз Пайариқ-Самарқанд йўлида содир бўлган. Имом Бухорий қадамжосидан қайтаётган зиёратчилар тушган автобусда шивир-шивир гап оралади.
– Балки тоблари қочгандир, бир сўраб кўриш керак!
– Безовта қилиб нима қиласиз, кексайгач ҳаммамиз ҳам шунақа бўлиб қоламиз.
– Менимча, бобойнинг уйида ёки ҳокимият билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлса керак...
– Муаммоси бор одам ҳокимиятга боради-да, зиёратга келадими?
– Албатта-да, зиёратнинг ахир мушкулкушо хосияти бор...
Хуллас бир автобус одам ёши саксонларга яқинлашган, оппоқ соқоли ёшига ярашиб турган, оғир ўйга чўмиганича, кўзлари ёшланган отахонни муҳокама қиларди. Унинг лаблари нималарнидир шивирлаб турарди.
– Отахон нимадир деяпти.
– Ҳеч ким тингламагач, кейин ўзига-ўзи дардини дастурхон қилаётгандир-да.
– Манимча бобой кимнингдир гўрига ғиш қалаётган бўлса керак.
– Ёки чапаначасига сўкаётган бўлса ажабмас.
– Ўша бечоранинг фамилияси Шукуров бўлса керак... Лабларининг ҳаракатидан шу сўзни уқдим...
– Ҳа-ҳ, болаларим-а, – дея отахон кўзини очиб, ўзини ўнглаб олди. Кейин дастрўмоли билан кўз ёшларини артиб: “Бу қувонч ёшлари!” – деди. – Ёшлик чоғларимиз отам билан бошлашиб зиёратга келардик. Қамишзор оралаб, лой кечиб борардик. Энди бу равон йўлларни кўринг, қулайликларга қаранг! Қувонмай бўладими? Айниқса кейинги йилларда ҳадисшунослик марказининг очилгани зап иш бўпти, бунақаси бу яқин тарихда бўлмаган. Шу кунларни кўрсатганига шукур! Шундай улкан муаммолар ечимини топаётган даврда мен дард айтармидим, шукрона айтиб, шукур деб шивирлаб бораётгандим, – дея мавзуга нуқта қўйди отахон.
НОШУКУРЛИК
Асли қониқмайдиган киши дарёнинг соҳилида яшаса ҳам, чанқоғи қонмас экан. Қилдан қийиқ ахтариб, нолингани, нолинган. Бундай кишиларга қўй берсанг, ипини бермади, деб маломат қилади. Хуллас, эндиги ҳикоямиз ношукурлик мавзусида.
Ёвқоч раис катта бир ширкатга раҳбарлик қиларди. Шунингдек, маҳаллада ҳам обрўли кишилардан, қўли очиқ, танти киши эди. Меҳмоннавозликни яхши кўрарди. Дарвозаси ҳамиша ланг очиқ, дастурхони тузатилган турарди. У айниқса мусофир кишиларни кўриб қолса, қўярда қўймай уйига бошлаб келар, едириб, ичириб кузатарди.
Бир гал нима иш биландир раисникига ўтдим. У меҳмонлари билан ичкарида экани боис, бостириб кириб боришга истиҳола қилдим. Ошхона томондан товуш эшитилгани сабаб ўша томонга юрдим. Раиснинг аёли Муҳаббатхон косани косага, чойнакни пиёлага уриб, асабий жавраётган экан. Афтидан болаларидан бирини койиётган бўлса керак.
– Уйингизга барака!
Иссиқдан асаби ошган, асабийлашганидан терлаб-пишиб кетган, алланарсадан ғазаби тошган хонадон бекаси бошини кўтарди.
– Уй? Бу уй эмас – меҳмонхона! – Синфдошингиз мени хотинликка эмас, ходимликка олган эканлар. Меҳмонхона деяпману, бу иморатнинг афти-ангорига бир қаранг – каптархона деса тузукроқ бўлади. Ҳа, ҳа нақ каптархона: биттаси учиб чиқиши билан, бошқа бири пир этиб кириб келади. Жонимдан тўйиб кетдим!
– Шукр қилинг, келин! Бу мартабага етганлар бор, етмаганлар бор.
– Э, бунақа мартабанинг боридан йўғи! – жаҳли баттар ловуллади унинг. – Номи улуғ, супраси қуруқ! Мен нима баъзи бир раисларнинг хотинларига ўхшаб санаторияма-санатория юрган бўлсамки – шукр десам. Мана раиснинг ўғлини аҳволига қаранг! – Бека бир чеккада хўмрайибгина ўтирган ўғлига ишора қилди. – Сумкаси эскирган, янгисини олиб беринг, деб миямни эговлаб ўтирибди. Мактабга кўтариб боргани уялар эмиш. Дадасининг парвойига ҳам келмайди.
Шундан кейин бир оз ўтиб Явқоч раис қамалиб кетди. Кўролмайдиган кишилар чақув билан уни қаматишди.
Дўстлик, қолаверса синфдошлик ҳурмати, онда-сонда унинг хонадонидан хабарлашиб турардим. Ул-бул олиб борардим. Бир пайтлари энг намунали бўлган раиснинг томорқаси қаровсиз ҳолга келиб қолганди. Бу ҳовлидан файз кўтарилганини илғаш қийин эмасди. Энди вайишдаги ток новдалари таралмаган соч каби ҳар томонга таравақайлаган, ҳамма ёқни ёввойи ажриқ босиб кетган эди. Уйлари ҳам қандайдир букчайиб қолгандек, ранги кўчган, деразалари ҳам артилмагани боис ойналари хира тортганди.
Ёвқоч ака қамоқдан озод бўлиб, уйига қайтаётган кун ҳовлисида тумонат одам тўпланди. Мен ҳам кўп қатори уникида эдим. Муҳаббатхон қувончдан терисига сиғмай, пишир-тушир билан елиб-югуриб юрарди. Салқин жойларга шол тўшаб, кўрпача солиб, жойлар ҳозирланганди.
Шу пайт болалар дарвозадан отилиб киришган: “Келишди, келишди!” Хушхабарни эшитиб барча ўрнидан қалқиб турди, фақат бир кишигина турган жойида тап этиб ерга қулади. Одамлар нима қилишларини билмай ҳайрон қолишди. Явқочнинг истиқболига пешвоз чиқишсинми ёки Муҳаббатхоннинг бошига боришсин?
Бу пайт эшик олдида тўхтаган машинадан тушган, юзлари сўлғин, кўзлари киртайган Явқоч раис вазиятни дарҳол фаҳмлади. Қандайдир нохуш воқеа содир бўлганини пайқади. Аёллар бошида тўпланишиб, кимдир юзига сув сепиб, кимдир қўл-оёқларини уқалаб муолажа кўрсатиб турган бемор ўзининг аёли эканини англагач, ранги бадтар ўчиб, ўша томонга отилди.
– Сенга нима бўлди онаси! – унинг даҳшатли ҳайқириғидан Муҳаббатхон ўзига келиб, кўзини очди. – Агар, сенга бир гап бўлса, менинг озодликка чиққанимдан маъни йўқ! – Кўзлари жиққа ёш, хотинининг бошини тиззасига олиб, паришон тўзғиган сочларини силади у.
Муҳаббатхон аввал кўзларини, сўнг бошини унинг пинжига яширди. Бўғзида хўрсиниқ бўлиб тиқилиб ётган дард, бир муддат ўтиб фарёд бўлиб портлади.
– Мен ўлай, оёғингиз остида жон берай тўрам! Сиз бўлсангиз бу ҳовлига одам келар экан, сизсиз боғу бўстонимиз чўлу биёбонга айланди, сизсиз хор бўлдик, зор бўлдик – қадрингизга етмаган мен ношукур жуфтингизни кечиринг, кечиринг! Энди лак-лак меҳмон олиб келинг, қўлим косов, сочим супурги. Ғиринг десам тилим кесилсин.
Муҳаббатхоннинг чеккан ноласидан ўша куни йиғламаган одам қолмади.
Алқисса, азизлар ҳаётимизда мана шундай ҳоллар учраб туради. Озгина қийинчилик, миттигина муаммо қаршисида ожиз қоламиз баъзан. Сабр деган сўз борлигини унитиб қўямиз. Зеро, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси ғанимат, умрнинг ҳар они қадрли – бир-бировни ардоқлаб яшашни касб этайлик. Юқоридаги ҳаётий воқеани ибрат учун сизга илинганимиз ҳам шундан...
ЎҚИШ ВА УҚИШ
Китобни офтобга менгзаймиз – бу бежизга эмас. Қуёшнинг тафти ҳеч қачон сўнмагани каби, китобнинг зиёси ҳам битмас-туганмас. Табиатдаги гўзалликлар, мафтункор манзаралар, бетакрор лаҳзалар қуёш нурлари билан вобаста бўлгани каби, китоб туфайли одамларда чин инсоний туйғулар камол топади. Зеро, ХХ асрнинг йирик намоёндаларидан бири: “Мен ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман!” – деган эди.
Китобларга жо бўлган илмнинг хосияти ҳақида сўз кетганда, беихтиёр француз ёзувчиси Александр Дюманинг машҳур “Граф Монте Кристо” асари ёдга тушади. Бу китобни билмаган, ўқимаган киши йўқ. Шу важдан ортиқча тафсилотларга берилишдан тийилиб, унинг бир нуқтасида бир муддат тўхталамиз. Қаранг, Монте Кристо оролида яширилган беҳисоб бойликлар аслида кимга аталган эди-ю, кимга насиб этди? Номдор кординал Спададан бор-йўғи улкан бир кутубхона мерос қолганидан қаттиқ ранжиган набира фарзандлар уни китоб-питоби билан Аббат Фариага сотиб юборишади. Бироқ, ўзларига аталган битмас-туганмас бойликни бой беришгани хаёлларига ҳам келмайди. Чунки, бойлик яширилган жой ҳам, унга олиб боргувчи йўл тархи ҳам хатчўп тарзида мана шу китоблар қатида қолдириб кетилган эди. Фарзандлар улғайиб китобга кўнгил қўйганларида, отадан мерос қолган кутубхонани асраб-авайлаганларида бир кунмас-бир кун мана шу бойликларга эга бўлишлари эҳтимолдан холи эмасди.
Бир мунча фалсафий тарзда ёндошилган бу ҳикоядан, қадимий китобларнинг, нодир қўлёзмаларнинг қиймати – бебаҳо, деган маъно англашилади. Оддийгина бўлиб туюлган бу ҳақиқатни, шу қадар таъкидлаш шартми деган савол туғилади. Шарт, чунки бўйнида бош деб калла кўтариб юрган айрим кишилар бунинг фаҳмига етмайдилар. Китобларнинг улуғ хазина эканига яна бир мисол, тажоввузлар билан боғлиқ тарихларни титкилаб қарасангиз, босқинчилар мағлуб халқнинг моддий бойликларини ўлжа қилиш баробарида, унинг маънавий мулки бўлмиш кутубхоналарини ғорат қилганлари, китобларини ташиб кетганларига ҳам гувоҳ бўласиз.
Бизнинг ота-боболаримиз ғоят китобхон халқ бўлишган, шундан китобни ниҳоятда қадрлашган. Ёшларни ҳам шу руҳда тарбиялаганлар. Улар китобни юракка яқин – чап кўксига маҳкам босиб олиб юрганлар. Китоб кўрган кишиларни давраларнинг тўрига ўтқазиб, ҳурмат бажо келтирганлар. Диний ва дунёвий масалаларда унинг фикрига қулоқ тутганлар. Меҳмонхона тарбияси деганлари шу аслида. Олиму фузало кишилар тўпланишиб, тарихдан, адабиётдан, фалакиётдан ва бошқа мавзуларда баҳс-мунозара қилган йиғинларда чой ташиб, меҳмонларнинг қўлига сув қуйиб, сочиқ тутиб юрган ёшларнинг илми ҳам салкам мадраса таълимини олган талабаларнинг салоҳияти билан тенг кўрилган.
Катта ёшли бир танишим сўзлаб берган эди, мана шундай йиғинларнинг бирида Ҳазрат Алишер Навоийнинг бир байти мунозарага сабаб бўлибди. Мана ўша байт: “Сенинг кўйинг насимиға ўзни солдукки жон топдик,
Масиҳ анфосидин гар хастаға бўлмас даво пайдо!”
Ўтган тузум шароитида ўзини китоб кўрган, зиёли киши деб санаган бир неча адабиётга ошно кишилар бу байтни тўла шарҳлашдан ожиз қолибдилар. Буни Навоий тилининг мураккаблигига йўйибдилар. Шунда даврада қўр тўкиб ўтирган бир киши, мийиғида кулиб: “Бу байтнинг маъносини англамоқчи инсон пайғамбарлар тарихини ўқиган бўлмоғи керак”, – дебди. Сўнг шоир, ошиқ йигит тилидан, Исо Масиҳнинг нафаси ўликка жон ато этгани ҳақидаги ривоятларга ишора қилиб, ўзининг ошиқлик дардига ундан даво топмаганини, бироқ севгилисининг кўчасида эсган сабодан жонланганини изҳор этганини сўзлаб берибди.
“Ўқиган – олим, ўқимаган – ўзига золим” – дейди халқимиз. Чунки, ўқимишли одамнинг дунёқараши ўқимаган одамникидан кескин фарқланади. Шунинг учун ҳам китоб кўрмаган кишиларни “кўрсавод” деймиз. Сўқир киши йўлда тусмоллаб қадам босгани каби, ўқимаган одам ҳаётнинг мураккаб масалаларига дуч келганда пайпасланиб қолади – муаммолар чорраҳасини кесиб ўтиш учун ўзгалар кўмагига муҳтожлик сезади.
Бу масаланинг бир жиҳати холос. Илмнинг манбаи – китоб, ўқимишли кишининг комрон экани ҳақидаги оддий ҳақиқат бу. Бироқ, ўқиш бошқа, уқиш бошқа, деган гап ҳам бор. Нимани ўқиб, нимани ўзлаштириш масаласи ҳам муҳим. Чунки, китобларнинг барчаси ҳам эзгулик тарқатишга хизмат қилмайди. Саҳифаларига бузғунчи, ёт ғоялар сингдирилганлари ҳам бисёр. Қадимда ҳам зўравонликни, фаҳш ва бузғунчиликни тарғиб этгувчи асарлар бўлган. Ҳозирда бунинг каби адабиётларнинг миқёси ва кўлами беқиёс даражада кенгайганлиги ҳам сир эмас.
Шундай экан нимани ўқиш, нимани уқиш – энг муҳим масала! Бугун китобга кўнгил қўйиб, ундан маъно ва ҳикмат тўплаётган йигит-қизларга эслатмамиз шу – амал қилсалар кони фойда топишлари шубҳасиз.
ИНСОН УМРИ
Дунё яралганидан бери юксак ақл эгалари – алломаю, фозил кишилар доимо бир масала устида бош қотириб келадилар: дунё, инсон, унинг ҳаётдаги ўрни ва яшашдан мақсади – асрлар оша инсон деб аталмиш онгли мавжудотни мушоҳадага чорлаб, ўзи тутқич бермай келаётган мавзу ана шу. Қизиғи шундаки мазкур мавзуда қанчадан-қанча баҳс-мунозаралар бўлмасин, қанчадан-қанча қимматли қарашлар баён этилганига қарамай ҳали ҳеч ким унинг поёнга етган эмас. Бу борада сўнг сўзни айтиш ҳеч кимга насиб этмаган.
Идеал жамият яратиш иштиёқи ҳар бир даврнинг бош ғояси бўлган. Давлатларнинг пайдо бўлиши ҳам аслида ана шу каби хоҳиш-истакларнинг ҳосиласи сифатида рўёбга чиққан. Одил ҳоким, оммага қайишадиган ҳокимият сингари қарашлар замирида ҳам ҳамма учун бирдек мурувватли бўлган жамиятга ошуфталик кўзга ташланади. Масалан уч минг йиллик тарихга эга бўлган маънавий меросимиз “Авесто”да, дунёнинг асоси уч устун устида қурилмоғи лозимлиги, “Эзгу сўз, эзгу фикр ва эзгу амал” маърифатнинг жаҳолат устидан, адолатнинг ҳақсизлик устидан тантанасини таъминлаши таъкидланади.
Улкан қурилиш ишлари кетаётган майдонинг бир четида уч нафар болакай жараённи томоша қилиб гаплашиб туришибди. Бири деди: “Қани энди кўзимни бир юмиб очсаму, йиллар ўтган бўлса. Мана бу қурилиш ҳам битган бўлса-ю, уни мазза қилиб томоша қилсам!”, “Мен эсам, қанийди имкони бўлса-ю, унинг битишини кузатсам” – деди иккинчи болакай. Учинчиси ҳам бу мулоқотдан четда қолмади: “Қанийди мен тезроқ улғайсаму шу биноларнинг қурилишида ўзим иштирок этсам” – дея мавзуга нуқта қўйди у.
Инсон ўзини, ўзлигини таниши, сўнг уни ўраб турган баҳри муҳитни, ўтмиш ва келажак оралиғидаги масофаларни, борлиқ-коинот сирларини англамоғи лозим. Бунинг учун унда аввало иштиёқ бўлмоғи даркор. Ёки камолотга етишиш учун, мутафаккир Аҳмад Дониш таъбири билан айтганда, энг аввалги шарт – талаб қилувчининг қобилияти.. Шу сабабли, “...ҳар ким бирор ишга чиндан киришса, уни қўлга кирита олади. Тинмай қоққан кишига эшик албатта очилади”.
Бойлиги билан танилган бир киши машҳур олим билан сафарда ҳамроҳ бўлиб қолди. Иттифоқо карвонни қароқчи босди. Бойнинг тиззаси қалтираб ичига титроқ кирди: “Мени таниб қолишса ўламан”, - деди у қўрқувдан дир-дир титраб. “Мени эса, танимай қолишса ўламан” - деди иккинчиси маъюс тортиб.
Абу райҳон Беруний олимлик шартларини ахлоқ билан боғлайди. Унинг фикрича олимлар табиатини пасткашлаштирадиган тубан ахлоқдан, ҳақиқатни кўришга имкон бермайдиган хислатлардан ўзини тозалагандан кейингина илмий тадқиқотга киришишлари мумкин бўлади. Олим одам кўп нарсани билади, кўп ишларга қодир бўлади: Бедил айтгани каби у илмнинг кучи билан пўчоқни буғдойга айлантира олади. Бироқ, бу унинг манмансирашига, керилишига асос бермайди. Илмли киши маънан юксалади, аммо ердаги қавмдошларидан фарқланмаслиги лозим. Демакки, эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг асослари ҳақида сўз кетса, албатта фуқароларнинг ўқимишлилик даражаси, илмий салоҳияти, ҳуқуқий онги, ҳунар ва касбу кор лаёқати асосий шартлардан ҳисобланади. Шунингдек, меҳнатга муносабат, ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-бировга қайишиш, сўзида турмоқ, омонатга хиёнат қилмаслик, ҳаромдан ҳазар ва шунга ўхшаш фақат инсонгагина хос бўлган яна бир қатор фазилатларни ўзида тарбиялаб борилиши муҳим.
Парранда ва даррандалар орасида умрзоқ қуш – қарға. Айтишларича у уч юз йил яшармиш. Лочиннинг унга ҳаваси келди. Бунинг сирини ўзидан сўраб билмоқчи бўлди. Қарға уни кимсасиз даштга бошлаб келди. Ҳаром ўлган бир ҳайвоннинг лоши устига қўнди-да, сасиб-бижғиб кетган гўштини чўқилаб ея бошлади. Сўнг Лочинга юзланиб: “Кел, узоқ яшашни истамайсанми?”- дея сассиқ таомга таклиф қилди. У эса: “Ҳаром луқма ютиб узоқ яшагандан, ҳалолгина лочин умрим афзал” - дея даштни тарк этди.
Абу Наср Фаробийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида ҳам худди ана шундай ёндошув бор. Инсон ҳаётининг олий мақсади, охир-оқибат бахт-саодатга эришувдан иборатдир, деб ёзади у. Бунинг учун одам боласи ўзида чин маънодаги фазилатларни улғайтирмоғи лозим бўлади, яъни, фикрий фазилатларни. Сабаби унда туғма фазилатлар ҳам мавжуд. Ўқиш, ўрганиш ва ўзлаштириш орқали қўлга киритиладиган фазилатларни у – фикрий фазилат, деб атайди. Туғма фазилатнинг фикрий фазилатга бўйсуниши лозимлигини таъкидлайди. Токи ана шу фазилатлар билан у бутун мавжудотни ўрганади, бори билимларни ўзлаштириб кўзлаган манзилига етади, деб сабоқ беради. Шунингдек, “Фазилатларнинг раиси – касб-ҳунар фазилати” эканини таъкидлайди.
Сувда чўкаётган бир кишини оддий бир балиқчи қутқариб қолди. Уни сувдан олиб чиқиб, ҳушига келтирди. Сўнг: “Кимсан биродар?” - деб сўради.
– Мен олимман! - жавоб қилди у.
– Нима иш қиласан?
– Илм уммонига чуқур шўнғиб, марварид тераман! - дея кибрланди у. Шу асно балиқчининг ўқимишли эмаслигидан ҳам ижирғанди.
– Майли қанча чуқур шўнғисанг, шўнғи, аммо сувнинг юзасида сузишни ҳам ўрганиб қўйсанг чакки бўлмасди, - деди балиқчи маъноли қилиб.
Хулоса қилиб айтганда йирик қомусий олимлар инсон ва жамиятнинг яхшиликни қўлга киритиши, ахлоқий ва ақлий камолатга эришуви инсон ва жамоанинг ўз қўлида эканини таъкидлаб, роҳат-фароғат истаган киши яшаш ва яратиш ишқи билан зийнатланган бўлиши даркор деган фикрни илгари суради. Алқисса, шу сингари алломаларнинг фикрлари билан танишиш, уларнинг илм ва ҳикматларидан зийнатланиш айни пайтда биз қурмоқчи бўлаётган эркин фуқаролик жамиятининг афзалликларини англаш, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўсиб ўтишнинг талаб ва шартлари билан теран танишиш имконини беради.
ҲУҚУҚ ВА БУРЧ
Агар ҳуқуқ деган сўзнинг замирига назар ташласак, у асосан икки карра такрорланган “уқ” деган сўздан ташкил топганига амин бўламиз. Гўёки мана шу сўзнинг ўзи, уни уқиш лозимлигини такрор ва такрор уқдираётгандек бўлиб туюлади. Зотан ҳуқуқини танимаслик, инсон сифатида ўзини тан олмаслик билан тенг. Бинобарин, мустақиллик йиллари қўлга киритган эсосий натижаларимиздан бири, халқимиз орасида ўзликни англаш жараёнларининг фаоллашувида кўринади. Бу эса, инсон омили устувор вазифа этиб белгиланган давлатимиз сиёсатида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун йўли билан кафолатлангани, унга жамият тараққиётининг бирламчи омили сифатида қараб келинаётганининг ифодасидир. Аммо, жамиятда адолат тамойилларининг тантана қилмоғи учун шунинг ўзи кифоя қилмайди. Оддий қилиб айтганда “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди!”. Бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг бевосита иштироки бўлмоғи лозим. Бунинг учун ҳар бир кишидан ҳуқуқ ва мажбуриятлар борасида муайян билим ва маълумотларга эга бўлиш талаб этилади. Шунинг учун ҳам аллома боболаримиз, “Жамиятда адолатли қонунлар амал қилгани ҳолда, қози-ю қузот одил бўлса-ю, агар фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини танимаса – унинг манфаатлари камситилган бўлиб қолаверади”,- деганлар.
Бир ривоятда айтилишича, қонунларга итоат ҳаминқадар бўлган бир юртда илмсиз бир киши илмий доирага пешво бўлибди. Унинг оғзига нима келса, ўйламай-нетмай гапириб юборадиган одати бўлиб, қўл остидаги олимларни кўп мулзам қиларкан. Иттифоқо бошқа бир мамлакатдан меҳмонлар келадиган бўлибди. Уламолар безовта, бир амал қилмасалар раҳнамо чув тушириб қўйиши турган гап. Ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келишибди. Унинг оёғига ип боғлаб, бир учини ёнида бир олим киши тутиб турадиган бўлибди: мабодо нобоп гап айтса, олим ипни тортиб уни тўхтатиши лозим экан. Бошлиқ ҳам шунга кўнибди. Меҳмонлар келиб, музокоралар бошланган чоғ у дабдурустдан: “Хўш, сизнинг юртингизда итлар ва мушукларнинг аҳволлари қалай?” – деб савол берибди. Олим дарҳол ипни тортиб, огоҳлантиргани боис, бошлиқ бошқа бир сўз демабди. Меҳмонларнинг энсаси қотиб, бир-бирлари билан маъноли кўз уриштира бошлашибди: “Бу қанақа илтифот бўлди?”.
Шу кез олим ўнғайсиз вазиятдан чиқиш учун изоҳ беришга киришибди: “Муҳтарам меҳмонлар, бошлиғимизнинг саволларидан ҳайрон бўлманг! Бу зот ўта илмли бўлганлари боис, ҳар бир масалада мантиққа таянадилар. Зеро, мамлакатда тинчлик ва осойишталик, халқ фароавонлигининг қай даражада экани итлар ва мушукларнинг аҳволида акс этиб туради. Бинобарин, аҳоли гўшт еса, ити суяк чайнайди, мушуклар ҳам одамлардан ортгани билан кун кечиради!” – дебди. Элчилар олимлар сардорининг фаҳму фасоҳатига қойил қолибдилар: “Нечоғли пурмаъно сўзлар!”.
Мақтовлардан ийиб кетган сардор олим томонга эгилиб: “Шунчалар зўр гапирган эканман, нега ипни тортдинг?” – деб эътироз билдирган экан.
Шу ўринда муҳим бир масала кишининг эътиборни ўзига жалб этади. Юқоридаги ривоятнинг ҳуқуқ мавзусига нечоғли тааллуқлиги ҳам кундек равшан бўлади. Абу Наср Фаробий ёзади: “Инсон инсон бўлиб, инсоний камолотга эришиши учун сўзлаш ва касб-ҳунарга муҳтождир”. Биламизки бу икки сифат машаққатли меҳнат эвазига қўлга киритилади. Унга эришиш учун ҳузур-ҳаловатдан кечиш, айрим ҳуқуқларни чеклаш, баъзи бир эркинликларни чегаралаш талаб этилади. Аллома боболаримиз таъкидлаганларидек, “Катта яхшиликларга эга бўлиш учун озгина яхшиликни бой бериш”, илм олиш учун ранж чекишга тўғри келади.
Алломаларнинг фикрича, инсонлар яхши таомлар билан таомланиш, кийиниш ва ҳовли-жой қилишга шу қадар иштиёқ билан ҳаракат қиладиларки, агар маънавий озуқа олишга ҳам шу қадар фаоллик кўрсатганларида инсоний камолотнинг энг баланд чўққиларини эгаллашга эришган бўлар эдилар.
Илм амал билан зийнат касб этади. Абу Райҳон Беруний илмга амал, қонунга итоат – юксак олийжаноблик белгиси эканини таъкидлаб, бу масалада Суқротнинг ўлимини мисол келтиради. Уни энг олий жазога ҳукм қилганларида шогирдлари ва тарафдорлари олимни қочирмоқчи бўлишган. У эса: “Мен бир умр одамларни қонунларга итоатда бўлишга даъват этиб келдим. Энди ўзим ундан бўйин товласам – қонун қадрсизланади”, – деб ҳукмнинг ижросига бош тутиб берган экан.
Алқисса, инсоннинг ҳуқуқи унинг қай даражада чегараланганлиги билан ҳам қиймат касб этади. Чунки, мутлақ эркинлик унинг учун зарарли бўлиши шубҳасиз. Оддийгина ёш боланинг хатти-ҳаракатларини мисол олиб қарайлик. Қўйиб берсангиз нималар қилмайди у. Керак-нокерак жойга бурун суқади. Тақиқлаб турилмаса ҳаёти учун хавфли бўлган нарсаларга қўл тегизишдан ҳам қайтмайди. Ота-онанинг эътиборсизлиги туфайли ўзига ўзи озор етказган болакайларни ҳам кўп кўрганмиз. Шунинг учун ҳам болалар ҳамиша катталар назоратида: “уни қилма, буни қил” тарзидаги кўрсатмалар таъсири остида ўсадилар. Боланинг эркин ҳарактланиш ҳуқуқи керагидан ортиқ чегараланса, масалан уни ҳар қандай эҳтмолдан ихота қилиш мақсадида катакка солиб қўйсангиз, бундай чеклов уни маънавий таназзулига хизмат қилади. Ҳуқуқ мана шу жиҳатдан олиб қараганда яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, манфаат ва зарар чегаралари орасидаги ҳаётдир. Ҳуқуқнинг энг олий кўриниши ўзимиз ўз иллатларимиздан, зарарли одатларимиздан нақадар ҳимоя қилинганлигимиз даражаси билан белгиланади.
Болалар улғайиб, катта бўлиб борганлари сари, табиийки ота-оналар назоратидан узоқлашиб борадилар. Энди уларнинг хатти-ҳаракатларини, юриш-туришларини назорат қилишда мактаб ва маҳалла алоҳида ўрин тутади. Агар мана шу жараёнда болаларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқ ва эркинликлар борасидаги билимлари бойитиб борилса, қонунлар ҳар қандай шароитда уларнинг энг ишончли раҳнамосига айланади: “нима мумкину нима мумкин эмас; нима фойдали-ю, нима зарарли” қонунлар таъкидлаб туради. Одамлар ҳаёт йўлларида бехос қоқилишдан асранадилар, уқубатга учрамайдилар. Ҳуқуқ дегани, одамийлик чегараларини назар-писанд қилмайдиган даражадаги эркинлик эмаслигини англайдилар. Сўз эркинлиги оғизга келган нарсани алжирайвериш эмаслигини тушуниб етадилар. Олий маълумот олиш ҳуқуқи фақатгина дипломли бўлиш деган маънони англатмаслигини фаҳмлайдилар... Агар ана шу мезонлар бузилган тақдирда ўзгаларнинг ҳуқуқи паймол бўлади.
Масалан, мутахассислиги бўйича яхши ўқимаган шифокор ҳузурига шифо истаб келган беморга ҳеч вақт: “Кечирасиз мен ўқимай, йўлини қилиб диплом олганман! Шунинг учун бу масалада фалончига учрашинг – ташхисни аниқ қўяди!” – демайди. Хастанинг малакали тиббий хизмат олишга бўлган ҳуқуқига зид равишда иш тутади. Худдики, игна санчиб даволовчи нўноқ табиб, бири бўлмаса бири керакли нуқтага тушар деб, беморнинг бармоғига элликтача нина санчгани каби бу ҳам таваккалга таянади. Таваккал эса ҳамиша ҳам ўзини оқлайвермайди.
Демакки ҳуқуқий-демократик давлат барпо этишнинг асосий шартларидан бири, бу – фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ўстиришдан иборат. Диди ва дунёқараши юксак даражада камол топган кишилар эса, энг асосийси кўзига кўринган ҳар бир ялтироқ нарсага узалавермайди, ҳар қандай даъватнинг ортидан эргашиб кетавермайди. Бу ҳаётда кўпдан-кўп ҳуқуқларга эга экани баробарида, шунга яраша бурч ва мажбуриятлари борлигини ҳам ҳис қилиб яшайди. Зотан осмон чексизлик қадар кенг, уммонлар сарҳадсиз –маёқлар борлиги учун кемалар ҳаракат йўлидан чалғимай манзилга етади. Бинобарин, қонунлар жамиятда худди ана шундай вазифани – кишиларнинг ҳаёт йўлларида чалғимасликлари учун йўлчи юлдуз вазифасини бажаради.