БУ ФИКРЛАР СИЗ УЧУН КЕРАК...
Буюк ёзувчиларимиз томонидан ёзилган китобларда ҳаёт мактаби мужассам. Уларнинг асарларини ўқиб чиқсангиз, ўзингиз учун энг керакли маълумотларга эга бўласиз.
Тарихимиз ва халқимиз ҳаётига оид китобларни ўқисангиз, асрлар оша бизгача етиб келган миллий қадриятларни ўзлаштирасиз. Бу қадриятлар эса ҳаётга йўлингиз давомида керак бўлади.
Китоб ўқиганлар ҳаётда адашмайди, чунки ҳаётга тайёргарликни улар китобдан олишади.
Китоб инсонга дўст ва уни ҳаёт жараёнига тайёрлайди.
Китоб - инсонга хушомад қилмайди, алдамайди. Аксинча, унга ҳаётни ўргатади, аччиқ сабоқларни мисоллар билан кўрсатади.
Томчилар йиғилиб дарё бўлади, инсон жисмоний машқ билан соғлом бўлади, онг тараққий этиши учун эса китоб ўқиш керак.
ЭШИТМОҚ – КИШИНИ БОЙИТАДИ
Камтар одамлар кўп гапиришдан қочадилар; улар кўп эшитмоқни истайдилар ва ёқтирадилар. Эшитмоқ – кишини бойитади; гапирмоқ – саёзлатади. Кўп гапирган – кўп янглишади. Кўп еган – кўп йиқилади. Тан касалининг асоси – кўп емак, қалб касалининг сабаби – кўп демак. Кўп демак – сўзга мағрурлик, кўп емоқ – нафсга бандалик. Одам учун бу сифатлар кераксиз ва барчаси худпарастликка оиддир.
Алишер Навоий, "Маҳбуб ул-қулуб"
АЛДАНМА ВА АЛДАТМА
Ҳар бир ишдан фойда кутганингда, уни бажаришда қийинчиликлар ва иккиланишлар пайдо бўлса, машаққати озроқ томонига куч бер, қийинчилигидан эзилмаслик чорасини кўр...
Нодон ўгитида хато бўлиши муқаррардир; душман насиҳатида алдов бўлиши шубҳасиздир. Унисидан алданма ва бунисига ўзингни алдатма.
Байт:
Ақли кўпнинг сўзига кирмоқ – яхшидир,
Лекин алданмоқ ҳам, алдамоқ ҳам яхши эмасдир.
Алишер Навоий, "Маҳбуб ул-қулуб"
ТАВОЗЕ ТЎҒРИСИДА
Тавозе (одоб сақлаш, хокисор бўлиш) – кишига халқнинг муҳаббатини жалб қилади, одамларни у билан дўстлаштиради. Тавозе – дўстлик гулшанида тоза гуллар очади ва гулшандан ошнолик ва улфатчилик базмига хилма-хил гуллар сочади. Тавозе – такаббур мухолифга мулойимлик ва камтарлик йўлини кўрсатади; гердайган душман кўнглида инсонийлик завқини кўрсатади. Қайта-қайта кўрсатилган тавозе –ҳаёсиз такаббурни уят чегарасига томон йўллайди ва ҳаддан ташқари инсофсиз душманни ёмонлик қилишдан қайтаради.
Алишер Навоий, “Маҳбуб ул-қулуб” асаридан
ТИЛ НАЙЗАСИ
Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас; у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас.
Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.
Алишер Навоий, “Маҳбуб ул-қулуб”
ҲУРМАТ БИЛАН ТАЪЗИМ – САОДАТГА САБАБ
Ҳазил қилаверишдан ҳурматсизлик ортади; ҳазилнинг охири жанжалга олиб келади. Кўп ҳазиллашиш – номус ва ҳаё пардасини чок этади; адаб ва ҳурмат эгаларини бебурд ва беобрў қилади. Қўлингдан келганча таъзим ва адаб биносини йиқитма; ҳаё ва ҳурмат пардасидан ташқари чиқма!
Рубоий:
Ҳаё билан адаб эътиқоддан нишонадир,
Ҳурмат билан таъзим – саодатга сабаб.
Ҳаёли ва адабли деб танилганлар
Мақсудига кеч етишса, таажжубланиш жоиздир.
Алишер Навоий, “Маҳбуб ул-қулуб”
ТИЛ ШИРИНЛИГИ ҲАҚИДА
Тил ширинлиги – кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса фойдали. Чучук тил аччиққа айланса кўпчиликка зарари тегади; қанддан май тайёрланса ҳаром бўлади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам – ҳалвофуруш каби севимли.
Байт:
Яхши сўзга ким масту бехуш бўлса,
Шарбат ичида заҳарни тотли қилади.
Алишер Навоий, “Маҳбуб ул-қулуб”
ЁМОНЛИККА ОДИЛЛИК, ЯХШИЛИККА ЯХШИЛИК
Бировнинг: “Ёмонликка яхшилик қайтар дейишлари тўғрими?” деб сўраганга устоз деди: “Унда яхшилик қилган кишига нима қайтарасан? Ёмонликка одиллик билан жавоб қайтар, яхшиликка эса яхшилик қайтар”.
Бировнинг сизга нисбатан қиладиган ишини хоҳламасангиз, сиз ҳам уларга шу ишни раво кўрманг. Ёмон одатларни эртага қараганда бугун енгиш осонроқ.
“Энг қадимги ҳикматлар” китобидан
ИНСОН ТАБИАТИ
Киши табиатан унга ёқишга интиладиганга менсимасдан қарайди, унга эгилмайдиганга ҳурмат билан қарайди. Кишилар бошқаларни мақталишининг тўғрилигига то ўзларининг ҳам шу ишни бажара олишлари мумкин деб ҳисоблайдиган дамгача ишонишади. Ўзларининг имкониятидан юқори бўлган ишни бошқалар бажарганларида эса, мақтов ўрнини дарров ҳасад ва ишонмаслик ҳисси эгаллайди.
Кишиларни энг оғир зулм эмас, гуёки уларга нисбатан бўлган ноҳақлик аччиқлантиради: бунда улар баъзида ўзи тенгиларнинг менсимаслигини сезишса, бошқасида ўзидан қудратлироқларнинг зўравонлигига итоат қилиш кераклигини сезишади
“Энг қадимги ҳикматлар” китобидан
ИНСОН ТАБИАТИ
Ҳар қандай инсон ҳаёти давомида турфа хил ўзгаришларни бошидан кечирса ҳам, бир қувончларга тўлиб, бир бахтсизлик ичида яшаса ҳам, зоҳиран қараганда, бир терининг ичида неча марта озиб-семирса ҳам, аслида унинг табиати дунёдаги энг кам ўзгарадиган нарсадир.
Озод Шарафиддинов
Ўзбекистон Қаҳрамони
МЕҲНАТДА СИНАЛГАН ЭЛДА АЗИЗ
Меҳнатнинг кўзини топган
Бойликнинг ўзини топар.
Меҳнат қилсанг, кўксинг тоғ,
Ҳурмат қилсанг, дилинг боғ.
Ранж ила меҳнат чекмайин роҳатни қадрин билмадинг.
Аваз Ўтар
Ҳар бир инсоннинг қадр-қиймати ўз ишини қандай бажараётгани билан ўлчанади. Инсоннинг тилак ва хоҳишлари меҳнат туфайлигина амалга оширилиши мумкин.
Абу Райҳон Беруний
Бу меҳнат бирла топсанг парча нон,
Кишининг миннатидин улдур осон.
Сўфи Оллоёр
Агар бор эса поклик нияти,
Анга ёр ўлур поклар ҳиммати.
Алишер Навоий
МАСЛАҲАТ ЗАРДАН ҚИММАТ
Кенгаш икки турли бўлур: бири – тил учида айтилгани, иккинчиси – юракдан чиққани. Тил учида айтилганини (шунчаки) эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса, қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.
Амир Темур
СОХТА ДЎСТЛАР
Кўрдимки, энг ноёб неъмат ростгўйлик ва мардлик, энг оғир бало мунофиқ дўстлар экан.
Нажмиддин Кубро
Ёлғон дўст сандан бир фойда умидида ёки ўз бошига келган зарарни қайтармак учун мунофиқона дўстлик қилур. Сирингни ноаҳил кишиларга сўзлаб, қадру эътиборингни поймол қилур. Бундай кишиларга дўст бўлмакдин дўстсиз (ўтмоқ) яхшироқдур. Ҳар бир кишига синамасдан, билмасдан дўстлик қилмак, сир айтмак зўр ақлсизликдур.
Абдулла Авлоний